Худо

Православ Масиҳийлари Ягона Уч бирликдаги Худога – Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳга имон келтирадилар. Муқаддас Уч Бирликда учта Шахс мавжуддир. Улар ўз Илоҳий табиати бўйича ягона ва бир-биридан ажралмасдир. Худо инсонларни Ўзини улуғлаш, муқаддасликка эга бўлиши ва шу орқали Унинг фарзандлари бўлиш учун бутун дунёни ва бизни яратган абадий, қудратли, эзгу Руҳдир.

XV асрда авлиё Андрей Рублёв томонидан ёзилган “Уч Бирлик” иконаси.

Исо Масиҳ

Исо Масиҳ Худонинг Ўғли бўлиб, У Муқаддас Уч бирликдаги иккинчи шахсдир. У абадийликда Ота-Худодан, бу дунёда эса Муқаддас Она – Бокира Мариямдан бегуноҳ тарзда ҳомилали бўлиб туғилган. Масиҳ Худонинг абадий Каломи бўлиб, “Калом инсон бўлди, Орамизда яшади. У иноят ва ҳақиқатга тўлганди.” (Юҳанно 1:14)

Исо Масиҳ инсон таънасидаги Худодир, яъни ҳақиқий Худо ва мукаммал инсон. Илоҳий ва инсонавий табиат Масиҳда абадий бирлашди: Худо инсон қиёфасига кирди.

Масиҳ оламнинг Парвардигори. Синай монастиридаги икона (VI аср).

Хочга михланиши, тирилиши ва самога кўтарилиши билан якун топган Масиҳнинг ердаги хизмати, инсонларни гуноҳдан ва ўлимдан қутқариш режасига эга эди. Исо Масиҳ Ўз таълимоти ва хизмати орқали, инсонларнинг Худо билан ва бир-бирлари билан бўлган ўзаро алоқасига янги маъно бахшида қилди. У янги амрлар берди, ҳамда севги, меҳробончилик, камтарлик, жасурлик ва эзгулик намунасини бизга номоён қилди. У инсоният гуноҳлари учун хочга михланиб, мукаммал қурбонлик келтирди. Ўзининг муқаддас Қони орқали бизларни поклади ва Осмон Шоҳлигига йўл очиб берди. “У эса бизнинг гуноҳларимизни деб ярадор бўлди, бизнинг айбларимиз туфайли эзилди. Бизга тинчлик келтирадиган жазо унга тушди, Унинг яралари бизга шифо берди” (Ишаё 53:5).

“Исо Масиҳга ишонмаган ҳеч бир кимса Худонинг олдига қайта олмайди ва Осмон Шоҳлигига кира олмайди. Ҳатто Исо Масиҳга ишонган ҳар қандай киши ҳам, агар Исо Масиҳга ўхшаб яшамаса, Унинг шогирди деб аталишга лойиқ эмас” (муқаддас Иннокентий (Ваениаминов), “Осмон Шоҳлигига йўл кўрсатиш”).

Православ дин

Православ дин – бу уч бирликдаги Худога ишониш ва бундан келиб чиққан ҳолда, Масиҳ асос солган Жамоатдан ажралмаган тарзда, ҳақиқатда Масиҳ билан яшашдир. Православ имони – бу Масиҳ ҳаворийларга, ҳаворийлар эса ўз навбатида кейинги авлодларга қолдирган имондир (Яҳуда 3:2, Салоник. 2:15, 1 Кор. 11:2).

Православ эътиқодининг ягона мақсади – ҳар битта кишини қутқариш ва поклаш, Масиҳнинг Жамоатида У билан бирлаштириш, абадий ҳаётга эга қилишдан иборатдир. Хушхабар айнан мана шундан иборат. Бу Хушхабарнинг мағзи эса Исо Масиҳ Қутқарувчи ва Нажоткордир, У ўликлар ичидан тирилди ва энди ҳар битта киши Осмон Шоҳлигида фаровон ҳаётга эга бўлиши мумкин.

“Православия бу ҳақиқий Худони таниб-билиш ва Худони улуғлашдир, православия бу Худога Руҳ ва Ҳақиқатда топинишдир, (…) православия бу Худо тамонидан Унинг ҳақиқий хизматкори бўлган инсоннинг улуғланишидир, инсонга Муқаддас Руҳнинг инояти тақдим этишилишидир” (авлиё Игнатий (Брянчанинов)).

“Православия” (“ортодоксия”) сўзи “тўғри улуғлаш”, “тўғри таълимот” маъносини англатади ва бидъатлардан (сохта таълимотлардан) фарқли ўлароқ, ҳақиқий имонни англатувчи термин сифатида пайдо бўлган.

Инсон

Инсон фаравон ҳаёт кечириш, Худо билан севги ва хурсандчиликда яшаш, Унга руҳ ва ҳақиқатда топиниш учун, Худонинг суратига ўхшатиб яратилган. “Инсонлар нафақат худди ўлимидан сўнг йўқ бўлиб кетувчи ҳайвонларга ўхшаб яшаш учун бу дунёда яратилган, балки битта ягона мақсад билан, яъни Худо билан юз йил ёки минг йил эмас, абадий яшаш учун яратилган” (авлиё Иннокентий (Вениаминов), “Осмон Шоҳлигига йўл кўрсатиш”)

Ҳар битта инсон чексиз қадр-қимматга эга, чунки у ўзида Яратувчининг муҳрига эга. Инсон гуноҳсиз тарзда яратилган, аммо мукаммал эмас эди. Одам Ато (биринчи инсон) ҳамма нарсада Худога ўхшаб бориш, Худони англашда ўсиб бориш учун яратилган эди.

Бироқ тарихнинг дастлабки саҳифалариданоқ биринчи инсонлар – Одам Ато ва Момо Ҳаво гуноҳга йиқилдилар. Худога қулоқ солмаслик натижасида уларнинг ҳаётига ўлим кириб келди ва ланъатга дучор бўлдилар. Уларнинг табиати бузулди, Худонинг сурати эса гуноҳ туфайли заифлашди.

Инсониятни қутқарувчи, Тирилган Масиҳ. Фреска.

Бироқ Худонинг Ўзи инсонларга раҳм-шавқат кўрсатиб, уларнинг тақдирига аралашишга қарор қилди. “Зеро, Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди. Токи Унга ишонганлардан биронтаси ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин” (Юҳ.3:16). Худонинг Ўғли бўлмиш Исо Масиҳ бизни Осмондаги Ота билан боғловчи Ягона Воситачига айланди.

Масиҳ инсоний табиати бўйича Хочда ўлди ва бизни Ўз қони билан гуноҳдан, лаънатдан ва абадий ўлимдан холос қилди. Энди ҳеч қачон ўлмаслик учун, ҳамда барчага келажакдаги тирилиш ва абадий ҳаёт йўлини очиш учун учинчи кун тирилди. Масиҳ Тирилгандан сўнг, ўлим энди масиҳийлар устидан ҳоким эмас.

Жамоат

Православ Жамоати – бу ягона имонга, сирга ва муқаддас иерархияга эга бўлган инсонларнинг Раббимиз Исо Масиҳ билан бирлашиши, яъни Масиҳнинг Танасидир. Жамоатнинг ягона боши бу Масиҳдир. Православ Жамоати – бу ягона, муқаддас, бош ва ҳаворийликка асосланган жамоатдир. У инсонларнинг миллати, ижтимойи ва бошқа қандайдир келиб чиқиш тоифасидан қатъий назар, ҳамма учун очиқдир.

Православ Жамоати ягона нажот кемасидир. Худо барча имонлиларни ўша кемага йиғади.

Имон Рамзи

Имон рамзи – бу православ масиҳийларининг асосий ҳақиқатлари қисқача баёнидир. Имон Рамзи Православ Жамоати оталарининг иккита Бутундунё Йиғинида тузилган (325 ва 381 йилларда).

Муқаддас оталарнинг биринчи Бутундунё Йиғини иконаси

Ундаги матн шундан иборат:

  1. Оламнинг Парвардигори, барча кўринадиган ва кўринмайдиган нарсаларнинг, еру осмоннинг Яратувчиси, ягона Ота Худога имон келтираман.
  2. Ва Худонинг Ягона Ўғли, ягона Раббимиз Исо Масиҳга, ҳамда дунё яратилишидан олдин, Нурдан туғилган Нур, Худонинг ҳақиқатидан туғилган Ҳақиқатга имон келтираман. У яратилмаган, балки туғилган. Ота билан бир табиатга эга ва ҳамма нарса У орқали пайдо бўлган.
  3. Биз инсонлар учун ва бизнинг нажот топишимиз учун Осмондан тушиб, Муқаддас Руҳ ва Бокира Мариям орқали инсон танасига кирган ва бизга каби бўлган.
  4. Понтий Пилат даврида хочга михланган, азоб чеккан ва кўмилган.
  5. Калом бўйича учинчи кун қайта тирилган
  6. Осмонга кўтарилиб, Отанинг ўнг томонидан жой олган.
  7. Келажакда барча тириклару-ўликларни Ўз улуғворлиги ила ҳукм қиладиган, Шоҳлигининг эса чеки бўлмайдиган Худога имон келтираман.
  8. Ва шунингдек Ҳаёт бахшида қилувчи, Отадан чиққан, Ота ва Ўғил билан бир қаторда топинишга ва улуғлашга лойиқ бўлган, пайғамбарлар ёзиб қолдирган Муқаддас Руҳга имон келтираман.
  9. Ягона ва Муқаддас бўлган, Ҳаворийлар асос солган Бош Жамоатга имон келтираман.
  10. Гуноҳларим кечирилиши учун қилинадиган ягона Сувга Чўмдирилишга эътиқод қиламан.
  11. Ўликларнинг қайта тирилишини
  12. ва келажакдаги ҳаётни орзиқиб кутаман. Омин.